Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот
Республикамизда 728,5 км очиқ коллектор тармоқлари, 234,9 км ёпиқ-горизонтал дренаж тармоқлари, 89 та вертикал дренаж қудуқлари, 189 та гидротехник иншоотларда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, шунингдек, 13 584,1 км коллектор-дренаж тармоқлари, 324 та вертикал дренаж қудуқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди.
Мелиоратив тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 294,5 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Жумладан, кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 29,8 минг гектарга камайди, сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 85,7 минг гектарга қисқарди, 179,0 минг гектар майдонда ерларнинг мелиоратив барқарорлиги таъминланди. Ушбу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларидан олинган ҳосилдорлик ўртача 2–3 центнерга ошди.
100 минг гектардан зиёд ерлар қайта фойдаланишга киритилиб. қўшимча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда янги иш ўринларини яратилишига эришилди.
Ер ости сувлари сатҳи ва суғориладиган ерларнинг шўрланиш динамикасини реал вақт режимида мониторинг қилишни ташкил этиш мақсадида халқаро молия ташкилотларининг грант маблағлари ҳисобидан жойлардаги Мелиоратив экспедицияларида геоахборот технологиялари билан жиҳозланган мониторинг марказлари ташкил этилди ва вазирлик билан VPN тармоғи орқали ягона тизимга уланди.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида 2021 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот
Республика бўйича 2021 йилнинг сентябрь ойида ер ости сизот сувларининг ўртача жойлашиш сатҳи 0 дан 2 метргача бўлган майдонлар 835,1 минг гектарни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62,8 минг гектарга камайган (2020 йил сентябрь ойида ушбу кўрсаткич 897,9 минг гектарни ташкил қилган).
2021 йил бошидан суғоришга 33,2 млрд. м3 сув олинган бўлиб, суғориладиган ерларга жами 30,1 минг тонна тузлар кириб келган ва коллектор-дренаж тармоқлари орқали 16,45 млрд. м3 сувлар билан 30,2 минг тонна тузлар чиқиб кетган. Яъни суғориладиган ерларда жами 0,1 минг тонна туз миқдори камайишига эришилган.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича жами 189,0 минг гектар ер майдонлари қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритилган. Ушбу ерларнинг 101,5 минг гектари суғориладиган ерлар ҳамда 87,5 минг гектари лалми ва яйлов ерлар ҳисобига тўғри келади.
Бунинг учун ҳудудларда 1 400 км суғориш тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, 397 км коллектор тармоқларини таъмирлаш, 1 734 та суғориш қудуқларини қазиш, 219 та насос агрегатлари ўрнатиш ҳамда 1 931 км электр узатиш тармоқлари тортиш ишлари амалга оширилган.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бошқармаси