РИВОЖЛАНИШ КОНЦЕПЦИЯСИ ВА ИНВЕСТИЦИОН ИМКОНИЯТЛАР
СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ
2021 йилнинг 1-чорагида сув хўжалиги соҳасидаги инвестиция лойиҳалари доирасида амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича
Бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий кредит қиймати 1 млрд. 186,8 млн. доллар бўлган 8 та лойиҳадан 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва 3 та лойиҳа бўйича жорий йилда қарз келишуви имзоланиши режалаштирилмоқда.
I. 2021 йил январь-март ойларида ўзлаштириш кўрсаткичлари:
2021 йилда жами 211,2 млн. доллар миқдоридаги хорижий кредитларнинг ўзлаштирилиши ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2,26 млн. доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Жорий йил январь-март ойларида 5 та лойиҳа доирасида 16,46 млн. доллар миқдоридаги хорижий кредитларнинг ўзлаштирилиши режалаштирилган эди, амалда 16,62 млн. доллар маблағ ўзлаштирилди (режага нисбатан 101 %).
Жумладан:
II. Жорий йилда қарз келишуви имзоланиши кутилаётган лойиҳалар бўйича:
III. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокидаги “Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш” лойиҳаси
Лойиҳанинг асосий мақсади – 315 минг гектар ерларни сув билан таъминлашни яхшилаш (Бухоро вилоятида 275,0 минг га ва Навоий вилоятида 40,0 минг га).
Лойиҳа ҳудуди – Бухоро вилоятининг Олот, Когон, Ғиждувон, Шофиркон туманлари ва Бухоро шаҳри хамда Навоий вилоятининг Қизилтепа ва Кармана туманлари.
Умумий қиймати – 406,29 млн. АҚШ доллари.
Шу жумладан:
ОТБ кредит маблағлари – 216,75 млн. АҚШ доллари
JICA кредит маблағлари – 108,97 млн. АҚШ доллари
Ўзбекистон Республикаси улуши – 80,56 млн. АҚШ доллари
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида:
– янги “Аму-Бухоро-I” насос станцияси қурилади;
– 4 та насос станцияcи қайта тикланади ва уларнинг жисмонан эскирган насос агрегатлари ўрнига 60 та янги насос агрегатлари ўрнатилади;
– йиллик электр энергияси харажатларини камайтириш натижасида 5,56 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ иқтисод қилинишига эришилади.
Лойиҳа доирасида барча (6 та) қурилиш шартномалари бўйича пудратчи ташкилотлар аниқланиб, шартномалар имзоланди. “Хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги суғориш тизимини тиклаш” бўйича қурилиш ишлари якунланди ва объект доимий фойдаланишга топширилди.
2021 йилда ОТБ ҳамда JICA кредит маблағлари ҳисобидан 15 та насос агрегатларининг ўрнатилиши кўзда тутилган. Шундан жорий йилнинг
1 чорак ҳолатига умумий ҳисобда 15 дона насос агрегати ўрнатилиб, шундан 2 дона насос агрегатини ишга туширишга тайёргарлик жараёнлари олиб борилмоқда ҳамда 13 дона насос агрегатининг демонтаж ишлари якунланиб, монтаж ишлари бошланди. Жорий йилнинг 1-чорагида 65,50 минг м3 тупроқ ишлари ва 1,77 минг м3 бетон ишлари бажарилди.
IV. Жаҳон банки иштирокидаги “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси
Лойиҳанинг асосий мақсади – Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа (33,2 минг га), Беруний (34 минг га) ва Тўрткўл (32,8 минг га) туманларининг 100 минг га суғориладиган ерларида сув ресурслари бошқарувини яхшилаш.
Лойиҳа ҳудуди – Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманлари
Умумий қиймати – 376,72 млн. АҚШ доллари.
Шу жумладан:
Жаҳон банки кредит маблағлари – 214,9 млн. АҚШ доллари
Ўзбекистон Республикаси улуши – 161,8 млн. АҚШ доллари
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида:
– каналларнинг фойдали иш коэффициенти (ФИК) 49 фоиздан
60 фоизга кўтарилади ва йилига 269 млн. м3 сув тежалади;
– Амударёдан сув кўтариб бераётган Беруний насос станциялари бошқармаси балансидаги 3 та – “Катта Дўстлик” 16,2 м3/сек, “Қилчиноқ” 26,4 м3/сек ва “Найман-Бештом” 22 м3/сек, 20 та ўрта ва кичик насос станцияларининг фаолияти тўхтатилади;
– қўшимча СИУ ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 400 дан ортиқ насос станциялари фаолияти тўхтатилади ва натижада йилига 6,9 млн. АҚШ доллари миқдорида электроэнергия ва эксплуатация харажатлари иқтисод қилинишига эришилади.
2021 йилнинг 1-чорагида Жаҳон банки кредит маблағлари ҳисобидан
13 та шартнома доирасида 67 км канал, 13 дона гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 1670 минг га суғориш майдонлари лазер ёрдамида текисланди ва чуқур юмшатиш ишлари олиб борилди
V. Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Хазарбоғ-Оққапчиғай каналлар тизимини қайта тиклаш)” лойиҳаси
Лойиҳанинг асосий мақсади – суғориладиган 103,4 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилаш.
Лойиҳа ҳудуди – Сурхондарё вилояти.
Умумий қиймати – 122,72 млн. АҚШ доллари.
Шу жумладан:
ИТБ кредит маблағлари – 89,55 млн. АҚШ доллари
Ўзбекистон Республикаси улуши – 33,17 млн. АҚШ доллари
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида:
– Шеробод туманининг 38,5 минг га суғориладиган ер майдонлари ўзи оқар сув билан таъминланади;
– “Шеробод” насос станциясидаги ҳар бирининг қуввати 20 м3/сек бўлган 2 дона насос агрегатининг иш фаолияти тўхтатилади, пировардида насос станцияларининг йиллик эксплуатация харажатлари ҳисобидан 50,0 минг АҚШ доллари ва электр энергия ҳисобидан 1600,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар иқтисод қилинади;
– “Бандихон” ва “Дўстлик” насос станцияларининг 2-кўтарма босқичи тугатилиб, ҳар йили эксплуатация харажатларидан 107,6 минг АҚШ доллари ва электроэнергия ҳисобидан 1324,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар иқтисод қилинади;
– каналларнинг фойдали иш коэффициенти 72 фоиздан 92 фоизга оширилиши натижасида уларнинг ишончли ва хавфсиз эксплуатация қилиниши таъминланади.
Лойиҳа доирасида барча (6 та) қурилиш пакетлари бўйича пудратчи ташкилотлар аниқланиб, улар билан шартномалар имзоланди.
2021 йилнинг 1-чорагида лойиҳа доирасида кредит маблағлари ҳисобидан 3,2 км узунликдаги каналларда бетон қоплама ётқизиш ишлари бажарилган ҳамда 3 та гидротехник иншоотда реконструкция ишлари амалга оширилиб, 251,2 минг м3 тупроқ ишлари ва 17,2 минг м3 бетон ишлари бажарилди.
VI. Жаҳон банки иштирокидаги “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш.
2-босқич” лойиҳаси
Лойиҳанинг асосий мақсади – 81,957 минг га суғориладиган ер майдонларида сув таъминотини яхшилаш (Наманган вилоятида 26,594 минг га, Фарғона вилоятида 36,0 минг га ва Андижон вилоятида 19,363 минг га).
Лойиҳа ҳудуди – Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари.
Умумий қиймати – 228,2 млн. АҚШ доллари.
Шу жумладан:
Жаҳон банки кредит маблағлари – 144,9 млн. АҚШ доллари
Ўзбекистон Республикаси улуши – 83,3 млн. АҚШ доллари
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида:
– қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги 20 фоизга ошади;
– сув ресурсларини бошқаришда қўшни давлатлар томонидан етказилиши мумкин бўлган зарарларнинг олди олинади;
– сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида суғоришга илғор технологиялар жорий этилади;
– 243 дона янги тик суғориш қудуқлари қурилади;
– 2 та янги насос станцияси қурилади;
– 11 та насос станцияси реконструкция қилинади.
2021 йилнинг 1-чорагида лойиҳа доирасида Жаҳон банки кредит маблағлари ҳисобидан 6 та шартнома бўйича 11 км канал ва 13 дона гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 23 дона суғориш тик қудуқлари қурилди.
VII. Саудия тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси иштирокидаги “Қарши насос станциялари каскадини капитал-қайта тиклаш (3-босқич)” лойиҳаси
Лойиҳанинг асосий мақсади – Қашқадарё вилоятидаги 392 минг гектар ва Туркманистон Республикасидаги 10 минг гектар, жами 402 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
Лойиҳа ҳудуди – Қашқадарё вилояти.
Умумий қиймати – 105,3 млн. АҚШ доллари.
Шу жумладан:
СТЖ маблағлари – 43,2 млн. АҚШ доллари
ЎзР ТТЖ маблағлари – 40,0 млн. АҚШ доллари
Давлат бюджети – 22,1 млн. АҚШ доллари
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида:
– йилига 90,645 млн. кВт соат электр энергияси тежалади, 1,33 млн. АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар иқтисод қилинади, қишлоқ хўжалиги корхоналари учун
11,5 млн. АҚШ доллари қийматида фойда олиш имконияти яратилиб,
2,7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар Давлат бюджетига солиқ ва бошқа тўловлардан келиб тушиши таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 ноябрдаги
ПҚ-4514-сон қарорига асосан “Қарши насос станциялари каскадини капитал-қайта тиклаш (3-босқич)” лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари тасдиқланди.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎзР ТТЖ) маблағлари ҳисобидан жами бўлиб 5 та шартнома доирасида асбоб-ускуна, махсус техника ва электр жиҳозлар етказиб бериш бўйича барча шартномалар имзоланиб, 5 дона бульдозер, 1 дона юк кўтариш қобилияти 70 тн бўлган автокран, 4 дона автосамосвал, 1 дона қувурётқизгич (трубаукладчик), 5 дона ўт учириш насоси, 15 дона моторли қайиқ ва 200 дона қутқарув воситалари, 1 дона баржа, 1 дона тортиш катери ва 2 комплект земснарядлар етказиб берилди.