Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик
Қорақалпоғистон Республикасида экин майдонларини сув билан таъминлаш учун барпо этилган йирик насос станциялари ва улардаги агрегатларнинг кўпчилиги жисмонан ва маънан эскирган. Мисол учун, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Қонликўл туманидаги “Бекьяб” насос станцияси 1964 йилда ишга туширилган. Унда 6 дона ОПВ-6-145/К насослари ўрнатилган бўлиб, агрегатларнинг ҳар бири 9-11 м³/с сув чиқариш қувватига эга бўлган.
Ўтган ҳафтада Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати томонидан тегишли масъуллар иштирокида “Бекьяб” насос станциясининг ҳолати ўрганилди.
- Гувоҳи бўлганингиздек, ушбу насос станциясидаги агрегатларнинг қувурлари эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган, - дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Н.Аралбаев. – Лекин, ҳар йили суғориш мавсуми олдидан бошқармамиз ички имкониятлари ва мутахассисларимизнинг сайъ-ҳаракатлари билан насос агрегатлари ва қувурлар жорий таъмирланиб, экин майдонлари сув билан таъминлаб келинмоқда. Эскини ямагунча эсинг кетади, деганларидек насос станциясини тўлиқ реконструкция қилишга аллақачон фурсат етган.
“Бекьяб” насос станциясини реконструкция қилишни тегишли дастурга киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, бу борада талаб этиладиган дастлабки ҳужжатлар “UzGIP” МЧЖ лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ташкилотига тақдим этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4937-сонли қарори билан тасдиқланган 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига 299 та насос станциясини модернизация қилиш киритилди. Дастурдан “Бекьяб” насос станцияси ҳам ўрин олган бўлиб, тез орада лойиҳалаш ишлари якунланади ва реконструкция ишларига киришилади. Натижада Қонликўл туманидаги “Косжап” овул фуқаролар йиғини ҳудуди ва “Сариалтин” массивидаги 9 минг гектардан ортиқ экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш имконияти яратилади.
Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари билан биргаликда олиб борилган ўрганиш амалий натижасини берди. Ҳадемай баҳор келиши ва ғалла майдонларини суғориш бошланишини ҳисобга олган ҳолда реконструкция жараёнларини кутиб турмасдан, ишларни бошлашга келишиб олинди. Ички имкониятларни ишга солган ҳолда, шу кунларда насос станциясининг қувурлари таъмирланмоқда.
“Бекьяб” насос станцияси ходимлари “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” чақириғига “лаббай” деб жавоб берган ҳолда атрофларни тозалаш, ободонлаштириш юмушларига ҳам киришдилар.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби