Олтиариқ туманидаги “Тўхтасин Пармонов” фермер хўжалигининг ғалла экилган 10 гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилди. Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан ушбу фермер хўжалиги даласида ташкил этилган кўргазмали семинарга Олтиариқ ва Риштон тумани ирригация ва қишлоқ хўжалиги бўлимлари, “Агробанк”нинг туман филиаллари, кластерлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда сувни тежайдиган технологияларни қурувчи корхоналар мутахассислари таклиф қилинди.
Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Алломжон Фозилов йиғилганларга сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари ҳақида гапириб берди. Банк филиаллари, қурувчи ташкилотлар ўртасидаги шартномаларнинг ижросини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди, фермерларнинг сувни тежайдиган технологияларни жорий этганларга тўланадиган субсия миқдори ва уни олиш тартиби ҳақидаги саволларига жавоб қайтарилди.
- Жами 113 гектар экин еримизнинг 2 гектари токзор, 49 гектари ғаллазор бўлиб, бу йил 62,8 гектарга пахта экамиз, - дейди фермер Зафаржон Пармонов. – Яқинда 10 гектар ердаги ғаллазорни ёмғирлатиб суғоришга ўтказдик. Илгари бир кеча-кундузда суғориладиган майдонни бир соатда суғориб бўлдик. Гербицидлар ҳам шу усулда сепилишига қойил қолмасликликнинг иложи йўқ. Энди токзоримизни ҳам томчилатиб суғоришга ўтказамиз. Сув таъминоти оғир ерларда жойлашган фермер хўжаликлари раҳбарларига айтмоқчиманки, сувни тежайдиган технологияларнинг самараси юқори бўлиши аниқ кўриниб турибди. Қанча кўргазмали семинарларда қатнашдик, ўтган йилларда шу технологияларни жорий этган фермерларнинг ишларини бориб кўрдик. Ҳамма якдиллик билан сувни тежайдиган технологиялар юқори самара беришини айтаяпти. Биз бу йил ғалладан гектарига 80 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Бунинг устига кетган сарф-харажатнинг қарийб ярмини субсидия ва ер солиғини камайтириш ҳисобига қайтариб беришар экан.
Фарғона вилоятида Зафаржон Пармонов каби сувни тежовчи технологияларни жорий этувчилар сафи кенгайиб бормоқда.
Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот котиби