Сув хўжалиги вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилишида Ражаб ойи кириб келиши муносабати билан сув хўжалиги соҳасида “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди ва бу эзгу ҳаракат қизғин қўллаб-қувватланди. Наврўз миллий байрамигача насос станциялари, канал ва коллектор бўйларидан тортиб, барча сув иншоотлари атрофларини тозалаш, ободонлаштириш, оддий ходимдан барча бўғиндаги раҳбарларгача кабинетда ўтирмай, жойларга чиқиб, иншоотларни суғориш мавсумига тайёрлаш ишлари режалаштириб олинди.
Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини нишонлаймиз. Ушбу улуғ санага ҳозирданоқ тайёргарликка киришган сувчилар ҳар бир ходим учун 30 тупдан, жами бир миллионга яқин кўчат экиш ташаббусини ҳам билдирдилар. Айни кунларда сув иншоотларининг муҳофаза ҳудудларига нўхат, мош, ошқовоқ каби экинларни экиш бошланди.
Кунлар илиб, баҳор насимлари эсмоқда. Ҳар бир кун, ҳар бир соат ғанимат. Шуни ҳисобга олган ҳолда ва ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотлари тарқоқ ҳолда жойлашганлигидан келиб чиқиб, жойлардаги масъуллар учун 21 февраль куни ободонлаштириш бўйича ишлар ва бошқа мавсумий юмушларнинг навбатдаги муҳокамаси мўлжалланган эди.
“Девона Ҳақгўй” каналидаги танқиддан тўғри хулоса қилинган ҳолда “ZOOM” орқали видеоселектор бошқа кунга кўчирилди.
Соҳанинг талабларидан келиб чиқиб, истеъмолчиларга сув етказиб бериш, жумладан, халқимиз дастурхонининг асосий неъмати бўлган нон маҳсулотлари тўкислигини таъминлаш учун ғалла ва бошқа экинларни об-ҳаво шароитига қараб дам олиш ва байрам кунлари, керак бўлса тунда суғориш ишлари давом эттирилади. Насосларни кечаю-кундуз ишлатиб, канал ва иншоотлардаги сувни бошқариш сувчиларнинг асосий вазифаси ва касбий бурчидир. Бунда уларнинг меҳнати қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, смена асосида ташкил этилганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Шу билан бирга, суғориш мавсумигача мелиоратив тадбирларни якунига етказиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, жойлардаги ободонлаштириш ишлари кечикиб кетмаслиги учун тизимда бажарилаётган ишлар “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” давомида ҳар куни танқидий-таҳлилий ўрганиб, муҳокама қилиб борилади. Чунки, бу ишларнинг барчаси, энг аввало, халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги, сувчилар, деҳқону-миришкорларнинг юзи ҳамиша ёруғ бўлиши, юрт дастурхони ноз-неъматлар билан доим тўкис бўлишидек эзгу мақсадларга қаратилган.
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати