Самарқанд вилоятида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш, улардан самарали фойдаланиш ва агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳамда Махсус хизмат ходимларининг малакасини ошириш бўйича сайёр ўқув курслари ташкил этилди. Дастлаб Жомбой, Булунғур, Каттақўрғон туманларида ташкил этилган сайёр ўқув курсларида туман ирригация бўлимлари қошида ташкил этилган Махсус хизмат ходимлари, ҳудудлардаги кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ўқитувчи-профессорлари, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд минтақавий маркази директори ва Зарафшон ИТҲБ Махсус хизмат бўлими бошлиғи томонидан мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш афзалликлари ва агротехник тадбирларни амалга ошириш тартиби ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 315-сонли қарорининг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Шунингдек, Сув хўжалигининг Махсус хизматига ишга қабул қилинган ходимларга ўзларига бириктирилган ҳудудларида сувни бошқариш, ҳисобини юритиш ва сув истеъмолчилари ўртасида тақсимлаш бўйича қарор талаблари доирасида иш юритиш тартиблари тушунтирилиб, уларнинг малакасини оширилмоқда.
Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати