Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси раҳбарлигида вазирликлар ва ҳудудий ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқот тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш мақсадида ташкил этилган оммавий сайёр қабулларда Сув хўжалиги вазири ўринбосари А.Мирзаев иштирок этиб, мутахассислар билан бирга фуқароларнинг сув хўжалигига оид мурожаатларини ўрганиб чиқмоқда ва муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Жумладан, Қаттақўрғон тумани “Жумабой” МФЙ, Жумабой қишлоғида яшовчи фуқаро Шуҳрат Ҳайдаровнинг мурожаати жойида ўрганилиб, Б.Турон ҳудудидаги “Элбек Элдор нурли даласи” фермер хўжалигининг ер майдонларидан ўтувчи хўжаликлараро “Сарязкўл” коллектор тармоғи 11-шохобчасининг 1,5 км қисмида экскаватор ва механизмлар жалб қилинган ҳолда тозалаш (қазиш) ишлари амалга оширилди.
Худди шундай Самарқанд туманидаги “Чордара” МФЙда яшовчи фуқаро Ш.Улуғовнинг мурожаати юзасидан “Хишрав” хўжалик ички канали жойига чиққан ҳолда ўрганилди ва мазкур каналга экскаватор ва бошқа механизмлар жалб қилиниб, тозалаш ишлари амалга оширилди ҳамда сув таъминоти оғир ҳисобланган ҳудудга сув етказиб берилди.
Бир сўз билан айтганда, сайёр қабуллар давомида жойлардаги фуқароларнинг барча мурожаатлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Матбуот хизмати