“Кармана-Конимех” ирригация тизими бошқармаси ҳисобида жами 144,8 км туманлараро каналлар, 154 та гидропост, 146 та гидротехник иншоот бўлиб, уларнинг соз ҳолатда ишлаши, сув истеъмолчиларига хизмат кўрсатиш учун 96 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда.
Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга қўшимча даромад манбаини яратиш мақсадида эрта баҳордан туманлараро каналларнинг қирғоқ бўйларига турли қишлоқ хўжалик экинлари экилган эди. Шу билан бирга, жами 0,2 га майдонда енгил конструкцияли иссиқхона ташкил этилиб, помидор, бодринг ва лимон етиштирилаяпти. Келгусида иссиқхона майдонларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Конституция байрами ва Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида Навбаҳор туманида жойлашган “Шаббода” сувчилар уйида тадбир уюштирилди. Сув хўжалигига кўп йиллик хизматлари сингган, хизмат вазифасига масъулиятли, ташаббускор ва фаол бир гуруҳ ходимларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
“Кармана-Конимех” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Улуғбек Назаровнинг маълум қилишича, байрам муносабати билан барча ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – жами 1 тонна картошка, 5 тонна сабзи, 5 тонна шолғом, 100 кг ёғ ва 1 тонна балиқ ҳамда 300 кг гўшт маҳсулотлари тарқатилди.
Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати