Бухоро вилоятининг экин ерлари учун асосий сув манбаи Амударё ҳавзаси бўлиб, суғориладиган ерларнинг оби ҳаётга бўлган эҳтиёжини қондиришда “Аму-Бухоро” машина каналининг I-II навбати ва “Аму-Қоракўл” канали катта аҳамият касб этади. Шунингдек, “Қуйи-Мозор”, “Тўдакўл” ва “Шўркўл” сув омборлари ҳам вилоят учун қўшимча сув олиш манбаларидир. Бундан ташқари, йилнинг асосан баҳор ойларида Зарафшон дарёсидан келадиган сувлар ҳам вилоят экин ерларининг сувга бўлган эҳтиёжини қондиришда қўл келади.
“Марказий-Бухоро”, “Шимолий”, “Параллел”, “Денгизкўл”, “Тошқудуқ”, “Парсанкўл” ва “Оғитма” ташламалари асосий мелиоратив тармоқлар ҳисобланади. Вилоятнинг гидрогеологик мелиоратив шароити, асосан, ер ости сизот сувлари гидро ҳамда гидрокимёвий режимига боғлиқ.
Аму Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция ўрганишларидан сўнг вилоятда ўтган йили сўнгги чорагидаги ҳолатда умумий узунлиги 8 минг 926,7 км бўлган, шундан 747,3 км узунликдаги магистрал, 2 минг 543,9 км хўжаликлараро, 4 минг 516,6 км ички коллекторлар, 1 минг 119,2 км ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларида хатловлар амалга оширилди. Мелиоратив кадастр ва хатлов натижаларига кўра, ҳудуддаги 1 минг 563 км узунликда коллектор ва 40 км узунликда ёпиқ-дренаж тармоқларининг техник ҳолати қониқарсиз бўлганлиги сабабли коллектор-дренаж кесимида алоҳида ўрганишлар олиб борилиб, таъмирлаш, тозалаш ва тиклаш тадбирлари тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.
Шунингдек, айни пайтда вилоятда 4 минг 445,1 км узунликда ички коллектор тармоқлари туманларда фаолият юритаётган кўп тармоқли агрокластерларга бириктирилган бўлиб, мазкур коллектор тармоқларининг 2 минг 304,6 км узунликдаги қисмини суғориш мавсуми бошлангунга қадар тўлиқ тозалаш бўйича режа-график тасдиқланган. Айни пайтда бу агротехника тадбирлари жадал амалга оширилмоқда. Ишда самарадорликка эришиш мақсадида ҳар бир туманда ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, махсус техника ва транспорт воситалари, жумладан, 60 га яқин экскаватор жалб қилинган.
– Туманларда бевосита агрокластерлар ўз ҳисобидан тозалаш ва қазиш ишларини олиб борадиган очиқ коллектор ва дренаж тармоқлари узунлиги 650 километрдан ошиқроқ, – дейди Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция бошлиғи Хайриддин Бозоров. – Айни кунларда “WBM Romitex” масъулияти чекланган жамияти томонидан Жондор туманида 45 километр, Ромитан туманида 20 километр, “BCT cluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан 45 километр, “Qorako’l kumush kalava” масъулияти чекланган жамияти томонидан Қоракўл туманида 38 километр зовурларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати