“Жиззах” сув омбори ўз ҳавзасига 100 миллион куб метр обиҳаёт тўплаш қувватига эга. Иншоот Жиззах вилоятининг қарийб 8,5 минг гектар экин майдонларини сув билан таъминлайди.
Қурилиши ўтган асрнинг 1962 йилида бошланиб, роса 10 йилдан сўнг фойдаланишга топширилган мазкур йирик иншоотда жорий мавсум кенг кўламдаги таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, сув омборининг 60 йилдан буён беминнат ишлаб турган сув чиқариш иншоотининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш бўйича муайян тадбирлар белгиланиб, уларни молиялаштириш ва амалга ошириш ишлари босқичма-босқич амалга ошириляпти. Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзсувлойиҳа” АЖ, “Сувсаноатмаш” АЖ, “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекцияси, Жиззах вилояти Сув омборларидан фойдаланиш бошқармасининг тажрибали мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳи иншоотнинг айни пайтдаги техник ҳолатини ўрганиб чиқди.
Ишчи гуруҳ хулосасига асосан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрланиб, иншотнинг техник ҳолати бўйича тадқиқот-текширув ҳамда нуқсоний далолатномалар тузилди ва бош лойиҳачи – “Ўзсувлойиҳа” АЖга тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан белгиланган тадбирларни амалга ошириш бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилган. Лойиҳада “Жиззах” сув омборида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун жами 5 миллиард 609 миллион сўм сарфланиши кўзда тутилди.
Бу борадаги энг асосий юмуш сув чиқариш иншоотидаги диаметри 1600 мм бўлган 2 дона дискли дарвоза (задвижка)ни тўлиқ алмаштириш ёки мукаммал таъмирлаш бўлди. Пудратчи ташкилот – “Сувсаноатмаш” АЖ томонидан ушбу мосламалар қисқа муддат ичида хориждан импорт қилинди. Уларнинг биттаси сув чиқариш иншоотига ўрнатилди, иккинчисидан эса, аввалга мосламанинг моддий эскирган қисмларини алмаштиришда фойдаланилди.
Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида “Жиззах” сув омборининг барча асосий механизмлари ишчи ҳолатга келтирилиб, сув олиш мавсумига шай қилиб қўйилди.
Умид Суяров,
Жиззах вилояти сув омборларидан
фойдаланиш бошқармаси бошлиғи