Бу йил Қашқадарё вилоятида 38 586 гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Шундан 22520 гектарида томчилатиб, 2166 гектарида ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилади.
Ғалла майдонларини суғоришнинг энг мақбули усули ёмғирлатиб суғоришдир. Вилоятда режадан бир неча баробар кўп, яъни 14 040 гектар майдон учун 65 нафар талабгор билан 334 млрд сўмлик пудрат шартномалари расмийлаштирилди. 231 гектар майдон учун 5,3 млрд.сўм маблағ молиялаштирилди.
Ҳозиргача 943 гектарда ёмғирлатиб ҳамда 1068 гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаяпти.
Мисол учун, Китоб туманида 4 та талабгорнинг 88 гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Тумандаги “Китоб агро инвест продукт” МЧЖнинг 64 гектар, “Китоб етти хазина” МЧЖнинг 24 гектар майдонларида эса ёмғирлатиб суғориш технологиясини қурилиш монтаж ишлари якунига етказилди, технология синовдан ўтказилганидан сўнг ишга туширилади.
Ғузор туманидаги «Тошгузар Бойсун» фермер хўжалиги 50 гектар лалмикор ғалла майдонида замонавий ёмғирлатиб суғориш технологиясини ишга туширди.
– «Агробанк» акционерлик тижорат банкининг Ғузор филиалидан олинган 350 миллион сўм кредит ва 350 миллион сўм ўз маблағимиз эвазига ушбу замонавий технологияни ишга туширдик, – дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Сирожиддин Туропов.
Аму-Қашдарё ИТҲБ матбуот хизмати