Наврўз байрами арафасида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида Қуйи Сирдарё ирригация ҳавза бошқармаси тизимидаги барча ташкилотларнинг ишчи-ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Эрта тонгдан сирдарёлик сувчилар ўзларига бириктирилган ҳудудларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, таъмирлаш ишларини бошлаб юбордилар. Бундан ташқари, бошқарма тасарруфидаги барча ташкилот ва туман бўлимларида белгиланган ишлар уюшқоқлик билан ўтказилди. Ишчи-ходимлар ўз хизмат бинолари ва унинг атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бордилар. Таъмирталаб бинолар, гидроиншоотлар таъмирдан чиқарилиб, дарахт ва буталар оқланиб, кўркам ҳолатга келтирилди. Шунингдек, 12 000 тупдан зиёд турли манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Тушлик пайти барча ташкилотларда ош ташкил этилди.
Ҳашар ишлари кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот хизмати