Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотлари жамоаси “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарида уюшқоқлик билан иштирок этишди.
Жумладан, вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва Бустонлиқ тумани ирригация бўлимидан жами олтмиш нафардан мутахассис-ходимлар вазирликка Бустонлиқ тумани ҳудудидан ажратилган қир-адирлардан иборат 3 гектардан зиёд майдонга 1000 тупдан кўпроқ бодом кўчатлари ўтқазилиб, “Сувчилар боғи” ташкил этилди.
– “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида кўчат ўтқазиш ишларида иштирок этаётганлигимдан беҳад бахтиёрман, – дейди Сув хўжалиги вазирлигининг Ёшлар иттифоқи кенгаши раиси Нодир Худойбердиев. – Бугунги тадбирда ҳам ёш сувчиларимиз юртимиз ободлигига ҳисса қўшиш ниятида “Яхшидан боғ қолади” нақлига амал қилган ҳолда астойдил меҳнат қилмоқдалар.
Барча ҳашарчилар эзгу иш – боғ яратиш мақсадида ғайрат ва шижоат билан ишладилар ва вазирлик жамоасининг “Сувчилар боғи”га тамал тоши қўйилди.
Ахборот хизмати